Нега кам тираждаги қутилар қиммат туради?
– Ассалому алайкум. Бизга 2 000 дона қути керак эди. Қанчага тушади?
Босмахона менежери қутининг ўлчамлари, материали ва макетини олиб, нархини ҳисоблайди ва мижозга юборади.
Бир-икки дақиқадан кейин жавоб келади:
– Ака, нега бунақа қиммат?
Таниш вазият, тўғрими? Айниқса, ишлаб чиқарувчи 2 000 дона қутининг нархини олдин 50 000 донага берилган нарх билан солиштирганда.
Энг қизиғи, мижоз ҳам ҳақ. Ахир қути ўша-ўша, картони ҳам, дизайни ҳам бир хил. Унда нега битта қутининг нархи шунчалик фарқ қилади?
Чунки офсет босмада сиз фақат қутининг ўзи учун эмас, балки уни ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўриш учун ҳам пул тўлайсиз.
Қизиғи шундаки, баъзида 10 000 дона қути босмахона учун яхшигина буюртма ҳисобланади. Бошқа ҳолатда эса ҳатто 30 000 дона ҳам босма машинаси учун кичик тираж бўлиб чиқиши мумкин.
Келинг, мураккаб полиграфия атамаларига кўмилмасдан, рақамлар орқали тушуниб оламиз.
Нега кичик тираж қимматроқ туради?
Тасаввур қилинг, сиз шоколад, дори-дармон ёки картон қутида сотиладиган бошқа маҳсулот ишлаб чиқарасиз. Босмахонага рангли босмали 3 000 дона қути буюртма қилдингиз.
Босмахонада нима ишлар қилинади?
Аввал макет текширилади, босма қолиплари тайёрланади, материал ажратилади ва машина созланади. Кейин қутиларни штамплаб қирқиш, керак бўлса лаклаш, елимлаш ва қадоқлаш лозим.
Агар қутининг конструкцияси янги бўлса, алоҳида штанцформа (ўша машҳур «нож») ҳам керак бўлади. У картон варақдан қутининг ёйилмасини қирқиб бериш учун ишлатилади.
Энди тасаввур қилинг, сиз 3 000 эмас, 30 000 дона қути буюртма қилдингиз.
Тайёргарлик ишлари ўн баравар кўпайиб қолмайди-ку. Машинани муайян босма тиражи учун барибир бир марта созлаш керак, қутининг конструкцияси ҳам ўзгармайди. Демак, бошланғич харажатларнинг катта қисми энди кўпроқ қутига тақсимланади.
Оддий мисол.
Айтайлик, буюртмани ишлаб чиқаришга тайёрлаш босмахонага шартли равишда 2 миллион сўмга тушди.
| Тираж | Битта қутига тўғри келадиган тайёргарлик харажати |
|---|---|
| 2 000 дона | 1 000 сўм |
| 5 000 дона | 400 сўм |
| 10 000 дона | 200 сўм |
| 50 000 дона | 40 сўм |
Бу ҳисобда картон, босиш, штамплаб қирқиш, елимлаш ва бошқа жараёнлар харажати ҳисобга олинмаган.
Кўриб турганингиздек, биринчи ҳолатда фақат тайёргарликнинг ўзи ҳар бир қути таннархига 1 000 сўм қўшяпти. Охирги ҳолатда эса атиги 40 сўм.
Шунинг учун босмахона катта тиражга анча арзон нарх берса, бу ҳар доим ҳам қандайдир ҳийла дегани эмас. Гарчи ҳийлалар ҳам йўқ эмас. Лекин бу энди бошқа мақола учун мавзу.
Приладка нима ва нега унга пул тўлаш керак?
Кичик тиражнинг қимматга тушишига яна бир сабаб бор.
Полиграфияда «приладка» деган тушунча бор. Оддий қилиб айтганда, бу — тиражни босишдан олдин ускунани созлаш жараёни. Босма машинасини шунчаки ёқиб, тугмани босиш билан биринчи варақданоқ идеал натижа олиб бўлмайди.
Ранглар бир-бирига тўғри тушиши, ранг зичлиги, варақнинг машинага аниқ узатилиши ва бошқа параметрларни созлаш керак.
Бунга вақт ҳам, маълум миқдорда картон ҳам сарфланади.
Айтайлик, приладка учун 300 варақ картон кетди.
Агар сиз 1 000 та асосий босма варақ чиқараётган бўлсангиз, қўшимча 300 варақ асосий тиражнинг яна 30 фоизига тенг бўлади. Агар 10 000 варақ босилса, ўша 300 варақ энди бор-йўғи 3 фоизни ташкил қилади.
Бу ҳали фақат картонни ҳисобладик.
Бундан ташқари, босмачи ходимнинг вақти, ускунанинг банд бўлиши, штамплаб қирқиш ва бошқа жараёнларни созлаш харажатлари ҳам бор.
Албатта, 300 варақ – шунчаки мисол. Амалда қанча картон сарфланиши машина, материал, конструкция ва буюртманинг мураккаблигига боғлиқ.
Шунинг учун ҳатто қутининг ўзи оддий бўлса ҳам, кичик тиражда битта қутининг нархи қиммат чиқиши мумкин.
Нега 10 000 дона қути ҳар доим ҳам катта тираж эмас?
Тошкентдаги қайси катта босмахонадан сўраманг, минимал тираж деганда кўпинча 10 000 дона атрофидаги рақамни эшитасиз.
Лекин бу ерда кўпчилик харид бўйича мутахассислар ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайдиган бир жиҳат бор.
Қутилар сони билан босма варақлар сони бир хил нарса эмас. Босмахона учун айнан босма варақлар сони муҳим.
Айтайлик, бизга иккита ишлаб чиқарувчи мурожаат қилди.
Биринчиси катта совға тўпламлари ишлаб чиқаради. Иккинчиси эса дори-дармон учун кичик қутилар тайёрлайди. Иккаласи ҳам 10 000 донадан қути буюртма қилмоқчи.
Лекин биринчи ишлаб чиқарувчининг қутиси шунчалик каттаки, битта босма вараққа фақат битта қутининг ёйилмаси сиғади.
Иккинчисининг қутиси эса кичик. Битта вараққа саккизта қути сиғади.
Ҳисоблаймиз:
| Катта қути | Кичик қути | |
|---|---|---|
| Буюртма қилинган қутилар | 10 000 | 10 000 |
| Битта варақдаги қутилар | 1 | 8 |
| Керакли босма варақлар | 10 000 | 1 250 |
Приладка ва технологик чиқиндилар учун кетадиган қўшимча варақлар ҳисобга олинмаган.
Асосий босма варақлар сонида саккиз баравар фарқ бор. Босмахона учун эса бу печат машинасининг бандлиги жиҳатидан иккита мутлақо бошқа-бошқа буюртма.
Шунинг учун «10 000 дона қути қанча туради?» деган саволни ўлчам ва конструкцияни айтмасдан бериш, бозорга бориб: Ака, машина қанча? деб сўрашга ўхшайди (Қанақа машина? Матизми ёки Малибу? сўрамасдан).
Лекин бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор.
Бу кичик қути автоматик равишда қимматроқ ёки арзонроқ чиқади дегани эмас. Кичик қутининг вараққа жойлашуви қулайроқ бўлиши, картон камроқ сарфланиши ва битта маҳсулотга тўғри келадиган харажат пастроқ чиқиши мумкин.
Нархни тўғри ҳисоблаш учун ҳаммасини биргаликда кўриш керак: ўлчам, вараққа жойлашув, материал, тираж, штамплаб қирқиш ва елимлаш.
Шунинг учун харид бўйича мутахассис фақат қутининг расмини юбориб:
– 20 000 та. Нархини айтинг деса, дарров аниқ ҳисоб-китоб қилиб бериш қийин.
Бир хил 50 000 та қути билан 50 000 та ҳар хил қутининг фарқи катта
Бу ҳолат Ўзбекистондаги қандолатчилик ва фармацевтика ишлаб чиқарувчиларига айниқса таниш.
Корхона ўн хил маҳсулот ишлаб чиқаради. Ҳар бири учун 5 000 донадан алоҳида қути керак. Жами 50 000 дона.
Бир қарашда, яхшигина буюртма. Демак, катта тираж учун бериладиган нархга умид қилса бўладими?
Унчалик эмас.
Иккита вариантни кўриб чиқайлик.
Биринчи вариант: 50 000 дона бир хил қути. Дизайни бир хил, ўлчами бир хил, материали бир хил.
Иккинчи вариант: 10 хил дизайндаги қутилар, ҳар биридан 5 000 дона.
Иккинчи ҳолатда босмахонага ўнта алоҳида босма қолиплари тўплами ва печат машинасини ўн марта созлаш керак бўлиб қолиши мумкин.
Агар қутиларнинг конструкциялари ҳам фарқ қилса, штамплаб қирқиш ва бошқа операцияларни ҳам алоҳида тайёрлашга тўғри келади.
Натижада умумий ҳажм бир хил, лекин ишлаб чиқаришда бажариладиган ишлар бутунлай бошқача.
Албатта, баъзи ҳолатларда бир нечта дизайнни битта босма вараққа жойлаштириш мумкин. Лекин бунинг учун маълум техник шартлар мос келиши ва ҳар бир турдаги қутининг сони биргаликда босиш учун қулай бўлиши керак.
Шунинг учун яхши харид мутахассиси босмахона билан фақат умумий буюртма ҳажмини эмас, балки турли позицияларни бирлаштириб, ишлаб чиқаришни арзонроқ ташкил қилиш имкониятини ҳам муҳокама қилади.
Ўнлаб турдаги маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона учун бу ҳар бир қути нархидан яна 20 сўм туширтиришга уринишдан ҳам фойдалироқ бўлиши мумкин.
Хўш, офсет қути қайси тираждан бошлаб фойдали бўлади?
Қанийди, битта чиройли рақамни айта қолсак. Масалан, 10 000 донадан бошлаб фойдали, вассалом. Савол ёпилди.
Лекин амалда ишлаб чиқариш бундай ишламайди.
Бир буюртмада 5 000 дона қути ҳам бемалол мақбул тираж бўлиши мумкин. Бошқа буюртмада эса 20 000 дона ҳам иқтисодий жиҳатдан ноқулай чиқади.
Ҳаммаси қутининг ўлчами, битта вараққа нечта жойлашиши, материали, конструкцияси, қўшимча ишлов бериш жараёнлари ва босмахона ускуналарига боғлиқ.
Шунинг учун қандайдир «сеҳрли минимал тираж»ни қидиргандан кўра, қуйидагича йўл тутган маъқул.
Босмахонадан айнан битта қутини бир нечта тиражда ҳисоблаб беришни сўранг:
- 5 000 дона;
- 10 000 дона;
- 20 000 дона;
- 50 000 дона.
Кейин битта қутининг нархи билан буюртманинг умумий суммасини солиштиринг.
Эҳтимол, тиражни 5 000 дан 10 000 донага оширганда битта қутининг нархи сезиларли тушар. Лекин 20 000 билан 30 000 дона ўртасидаги фарқ унчалик катта бўлмаслиги мумкин.
Шунда тиражни янада ошириш қўшимча сезиларли тежам бермайдиган нуқтани топиш осонроқ бўлади.
