Нега босмахоналар буюртмани кечиктиради ва бунинг олдини қандай олиш мумкин?


Нега босмахоналар буюртмани кечиктиради ва бунинг олдини қандай олиш мумкин?

Маҳсулотингиз тайёр, мижозларга жўнатиш санаси белгиланган, лекин қутилардан ҳали ҳам дарак йўқ.Босмахона бир неча кун олдин тайёр бўлади деганди. Энди эса эртага деб турибди. Эртаси куни қўнғироқ қилсангиз, тираж ҳали елимлашга ҳам етиб бормагани маълум бўлади.

Ишлаб чиқарувчи учун бундай кечикиш қадоқлаш линиясининг тўхташи, мижозларга маҳсулотни вақтида етказиб беролмаслик ва жуда катта қўшимча харажатларга сабаб бўлиши мумкин.

Нега бундай бўлади?

Кўпинча муаммо босиш жараёнининг ўзида эмас. Печат машинаси тиражни анча тез босиб бериши мумкин (соатига 15 000–20 000 варақ), жуда тез.

Лекин макетни келишиш, картон қидириш, материал келадиган кунни кутиш, штамплаб қирқиш, қўшимча ишлов бериш ёки елимлаш навбатига туриш анча кўпроқ вақт олади.

Келинг, буюртма қайси босқичларда кечикиши ва менежернинг Худо хоҳласа, икки ҳафтада тайёр бўлади деган гапига қараб қолмаслик учун нима қилиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.

1. Картон қути ўзи қандай ишлаб чиқарилади?

Аввало, картон қути битта машинада тайёр бўлиб қолмайди. Тайёр тираж омборингизга етиб боргунича бир нечта босқичдан ўтади.

  1. Буюртмани тайёрлаш. Қутининг ўлчамлари, конструкцияси, макети, тиражи ва техник талаблари текширилади.
  2. Материалларни харид қилиш. Босмахона керакли картон, бўёқ, фольга ва бошқа материаллар бор-йўқлигини текширади. Бирортаси бўлмаса, буюртма қилишга тўғри келади.
  3. Босмага тайёрлаш. Файллар текширилади, маҳсулотлар босма вараққа жойлаштирилади ва босма қолиплари тайёрланади. Керак бўлса, штанцформа ва тиснение учун клише ҳам алоҳида тайёрланади.
  4. Офсет босма. Тасвир картонга босилади.
  5. Қўшимча ишлов бериш. Лаклаш, ламинация, тиснение ва буюртмада кўрсатилган бошқа ишлар бажарилади.
  6. Штамплаб қирқиш ва биговка. Босилган картон варақдан қутининг ёйилмаси қирқиб олинади ва букланадиган чизиқлар ҳосил қилинади.
  7. Елимлаш. Қути керакли шаклда букланади ва елимланади.
  8. Текшириш ва жўнатиш. Тайёр маҳсулот текширилади, қадоқланади ва мижозга жўнатишга тайёрланади.

Албатта, ҳамма қути ҳам бу босқичларнинг барчасидан ўтмайди. Масалан, айрим конструкцияларни елимлаш шарт эмас. Баъзи тайёргарлик ишларини эса бир вақтнинг ўзида бажариш мумкин.

2. Босмахоналар буюртмани кечиктиришининг 5 та сабаби

1 сабаб. Керакли картон омборда йўқ

Нархни келишдингиз, буюртма бердингиз. Икки ҳафтадан кейин қутиларни оламан деб режа қилиб қўйдингиз.

Бир неча кун ўтгач эса керакли картон ҳали йўқлиги маълум бўлади.

Босмахона материални етказиб берувчилардан қидиришни бошлайди. Баъзан керакли картон Тошкентнинг ўзида топилади, баъзан кутишга ёки ўрнига бошқа материал излашга тўғри келади.

Муаммо шундаки, ҳамма менежер ҳам муддатни айтишдан олдин материал бор-йўқлигини текширмайди.

Ҳамма босмахонада мукаммал ҳисоб-китоб тизими бор деб ҳам ўйламанг. Биз Ўзбекистондаги айрим катта босмахоналар ҳали ҳам кўп ишларини оддий журналларда юритишини кўрганмиз.

Сиз нима қила оласиз?

Агар қутиларни мунтазам буюртма қилсангиз, босмахонага келгуси ойларда тахминан қанча маҳсулот керак бўлишини олдиндан айтинг. Баъзи ҳолларда картонни кейинги буюртмалар учун олдиндан банд қилиб қўйиш мумкин.

Шунингдек, керакли картон ҳозир омборда борми ёки энди буюртма қилинадими, аниқ сўранг.

Имкон бўлса, технолог билан олдиндан картоннинг бир-иккита муқобил турини ҳам келишиб олинг. Албатта, улар қутининг сифатига салбий таъсир қилмаслиги керак.

Бу айниқса фойдали. Асосий картон тугаб қолса, унинг ўрнига нима ишлатишни бошқатдан келишиб, яна бир неча кун йўқотмайсиз.

2 сабаб. Макет ишлаб чиқаришга тайёр эмас

Бу мижозлар кўпинча етарлича эътибор бермайдиган муаммолардан бири.

Компьютерда дизайн жуда зўр, чиройли кўриниши мумкин.

Лекин файл босмахона технологига борганда, ўлчамлар конструкцияга тўғри келмаслиги, қирқиш учун керакли қўшимча жойлар нотўғри берилгани ёки муҳим матн букланадиган чизиқнинг устига тушиб қолгани маълум бўлади.

Ана энди тузатишлар бошланади.

Дизайнер файлни ўзгартиради, қайта юборади, технолог яна текширади. Агар келишиш жараёнида бир нечта одам қатнашса, бу ишлар ҳатто бир неча ҳафтага чўзилиб кетиши мумкин.

Бунинг олдини қандай олиш мумкин?

Аввал конструкция, кейин дизайн.

Агар қути янги бўлса, босмахонадан қути ёйилмасининг чизмасини ва оқ намунасини тайёрлаб беришни сўранг.

Ўша намунани ҳақиқий маҳсулотингизда текшириб кўринг. Маҳсулот қутига яхши сиғадими? Қути тўғри ёпиладими? Йиғиш қулайми?

Қисқаси, кичик бир краш-тест ўтказинг.

Фақат конструкция тасдиқлангандан кейин дизайнни охиригача тайёрлаш маъқул.

Яна бир муҳим нарса – келишувлар учун битта масъул одам тайинланг.

Дизайнерга директор алоҳида, маркетолог алоҳида, технолог алоҳида ўзгартириш айтса, чалкашлик чиқиши турган гап.

Яхшиси, битта одам барча изоҳларни йиғиб, якуний ўзгартиришлар рўйхатини юборсин.

Шу оддий чораларнинг ўзи ҳам буюртма ишлаб чиқаришга кирмасидан олдинги ортиқча тузатишларни анча камайтириши мумкин.

3 сабаб. Буюртма ускуналар навбатида туриб қолган

Айтайлик, макет тайёр, картон сотиб олинган, буюртма ишлаб чиқаришга берилган.

Лекин бу дегани қути бир машинадан иккинчисига тўхтовсиз ўтади дегани эмас.

Бугун варақлар босилиши мумкин, лекин штамплаб қирқиш машинаси фақат бир неча кундан кейин бўшайди.

Кейин эса елимлаш навбатини кутишга тўғри келади.

Ҳар бир машинанинг ўз юкламаси бор. Агар босмахона фақат печат машинасининг графигини режалаштириб, қолган операцияларни ҳисобга олмаса, муддатлар сурилиб кетади.

Бу айниқса қўшимча ишлари кўп бўлган қутиларга тегишли: тиснение, ламинация, танлаб лаклаш ва, худо сақласин, қўлда йиғиш.

Буюртмачи нима қилиши керак?

Келишилган муддатни буюртма ҳужжатида ёки шартномада аниқ белгилаб қўйинг.

Энг муҳими, шу санада қутилар босмахона омборида тайёр бўладими ёки корхонангизга етказиб бериладими – шуни олдиндан аниқлаштиринг.

Агар қути ишлаб чиқаришингиз учун жуда муҳим бўлса, захира босмахонани ҳам олдиндан текшириб қўйган маъқул.

Биринчи босмахона муддатни бузган куни иккинчи босмахона қидириш, одатда, анча кеч бўлади.

4 сабаб. Ишлаб чиқариш жараёнида брак чиқади

Ҳамма нарса тўғри тайёрланган бўлса ҳам, ишлаб чиқариш пайтида муаммолар чиқиши мумкин.

Масалан:

  • ранг тасдиқланган намунадан фарқ қилади;
  • лаклашда нуқсонлар пайдо бўлади;
  • штамплаб қирқиш ёки биговка нотўғри бажарилади;
  • қути яхши елимланмайди;
  • тайёр конструкция техник талабларга мос келмайди.

Баъзан ускунани қайта созлаб, ишни давом эттиришнинг ўзи етарли бўлади.

Бошқа ҳолларда эса тиражнинг бир қисмини қайта ишлаб чиқаришга тўғри келади.

Бу эса яна вақт, материал ва машиналарни қайта банд қилиш дегани. Айрим ҳолларда ишга кетадиган вақт икки бараваргача ҳам чўзилиши мумкин.

Мунтазам буюртмаларда тасдиқланган намуналар ва ишлаб чиқариш параметрларини сақлаб бориш айниқса муҳим.

Агар ҳар ой бир хил қути буюртма қилсангиз, босмахонада актуал файллар, материалга қўйилган талаблар ва сифатни қабул қилиш мезонлари бўлиши керак.

Бу бракни бутунлай йўқотмайди, лекин олдин учраган хатолар қайта такрорланиши эҳтимолини камайтиради.

5 сабаб. Жанр классикаси: менежер ишлаб чиқаришни текширмасдан муддат айтади

Бизнинг бозорда ҳам бундай ҳолатга дуч келиш мумкин.

Босмахонага қўнғироқ қиласиз, қандай қути кераклигини тушунтирасиз ва сўрайсиз:

– Неча кунда тайёрлаб берасиз?

– Икки ҳафтада.

Жавоб ишонч билан айтилди.

Лекин савол туғилади: менежер ҳақиқатан ҳам ишлаб чиқариш графигини текширдими ёки одатда айтиладиган муддатни айтиб қўйдими?

Ахир бир қутини тайёрлаш учун фақат босиш, штамплаб қирқиш ва елимлаш етарли бўлади. Бошқасига эса бир нечта қўшимча ишлов бериш жараёнлари, тиснение ва қўл меҳнати керак.

Тираж ҳажми ва материаллар бор-йўқлигини ҳали ҳисобга олмадик ҳам.

Шунинг учун шартлар аниқ бўлмасдан туриб, айтилган икки ҳафтани тасдиқланган муддат деб қабул қилманг.

Тўғридан-тўғри сўранг:

  • Керакли картон ҳозир борми ёки энди буюртма қилинадими?
  • Штанцформа тайёрми ёки уни ҳам ясаш керакми?
  • Штамплаб қирқиш, қўшимча ишлов бериш ва елимлаш ускуналарининг юкламаси текширилганми?
  • Қўлда бажариладиган ишлар ҳам ҳисобга олинганми?

Агар жавоб фақат «Улгурамиз, ака» бўлса, айнан нималар текширилганини яна бир бор аниқлаштириб олган маъқул.

3. Аслида энг кўп вақт қаерда йўқотилади?

Оддий бир серийали картон қути буюртмасини мисол қилиб олайлик.

Буюртма қабул қилингандан тайёр бўлгунича 16 кун ўтди.

Лекин бевосита ишлаб чиқаришнинг ўзига атиги 5 кун кетди.

Бу тахминан қуйидагича бўлиши мумкин:

Босқич Вақт
Буюртмани келишиш ва материалларни кутиш 6 кун
Ишлаб чиқариш навбатини кутиш 3 кун
Босиш, штамплаб қирқиш ва елимлаш 5 кун
Жўнатишни кутиш 2 кун
Жами 16 кун

Бу шартли мисол, муайян босмахонанинг статистикаси эмас.

Эътибор беринг: қутиларни бевосита ишлаб чиқаришга 5 кун, қолган 11 кун эса тайёргарлик ва кутишга кетган.

Шунинг учун замонавий печат машинаси борлиги буюртма тез тайёр бўлишини ҳали кафолатламайди.

Босишни жуда тез бажариш мумкин, лекин макет келишиш, материаллар ва машиналар орасидаги навбатларда кунлаб вақт йўқотилади.

4. Босмахона буюртмани вақтида тайёрлай олишини қандай билиш мумкин?

Катта буюртма беришдан олдин полиграфиянинг ҳамма нозик жиҳатларини билишингиз шарт эмас.

Бир нечта аниқ савол беришнинг ўзи етарли.

Нима деб сўраш керак? Нима учун?
Керакли картонни топиш осонми? Кейинчалик материал билан муаммо бўлмаслигини билиш учун
Буюртма қачон ишлаб чиқаришга киритилади? Графикда бўш жой бор-йўқлигини билиш учун
Штамплаб қирқиш ва елимлаш қачон тугайди? Ҳамма босқичлар ҳисобга олинганини текшириш учун
Муддат қайси кундан ҳисобланади? Кейин тушунмовчилик чиқмаслиги учун
Кечикиш бўлса, нима қиласизлар? Бундай ҳолат учун режа бор-йўқлигини билиш учун

Яна бир фойдали савол: босмахона шу каби буюртмаларни қанчалик тез-тез бажарган?

Ўхшаш тираждан мисол келтиришларини сўранг. Имкон бўлса, охирги бир нечта буюртманинг амалда қанча кунда тайёр бўлганини билиб олинг.

Албатта, Ўзбекистондаги ҳамма босмахона ҳам бундай статистикани кўрсатиб беролмайди.

Лекин саволингизга қандай жавоб беришининг ўзи ҳам иш қанчалик тартибли йўлга қўйилганини кўрсатади.

5. Қутилар сабаб ишлаб чиқариш тўхтаб қолмаслиги учун нима қилиш керак?

Агар маҳсулотни мунтазам ишлаб чиқарсангиз, қадоқ масаласини ҳар сафар охирги дақиқада ҳал қилмаган маъқул.

Босмахона кечикишларига боғлиқликни камайтиришнинг бир нечта йўли бор.

Буюртмаларни олдиндан режалаштиринг

Айтайлик, корхонангиз ҳар ой маълум миқдорда қути ишлатади.

Бундай ҳолатда босмахонага кейинги ойларда қайси турдаги қутилардан тахминан қанча керак бўлишини олдиндан айтиб бориш фойдали.

Бу шошилинч буюртма пайдо бўлмасидан олдин материалларни харид қилиш ва ускуналар юкламасини режалаштириш имконини беради.

Лекин прогнознинг ўзи ҳеч нарсани кафолатламайди.

Агар картон ёки ишлаб чиқариш вақтини олдиндан банд қилиш муҳим бўлса, бу ҳақда алоҳида келишиб олиш керак.

Тасдиқланган конструкциялар ва макетларни сақланг

Бир хил қутини қайта буюртма қилганда, ҳар сафар унинг ўлчами, материали ва конструкциясини бошидан аниқлаштиришга тўғри келмаслиги керак.

Актуал макетлар, чизмалар, намуналар ва техник талабларнинг ягона тасдиқланган версияси ҳар икки томонда ҳам бўлгани яхши.

Бизга бошқа босмахонадан ўтаётган мижозларда бундай муаммони жуда кўп учратамиз.

Мижознинг қўлида ҳамма файл ва техник маълумотлар бўлмайди. Олдинги босмахона макет, нож ва клишени ўзи тайёрлаган.

Ҳатто буларнинг ҳаммаси мижознинг пулига қилинган бўлса ҳам, файллар ва маълумотлар олдинги босмахонада қолиб кетган бўлади.

Натижада янги босмахонага ўтишда айрим ишларни бошидан қилишга тўғри келади.

Қутиларнинг захира миқдорини ҳисобланг

Тасаввур қилинг, корхонангиз бир кунда 10 000 дона қути ишлатади.

Агар қўшимча уч кунлик захира сақлашга қарор қилсангиз, сизга керак бўлади:

10 000 × 3 = 30 000 дона қути.

Албатта, бу соддалаштирилган мисол.

Ҳақиқий захирани ҳисоблашда қутиларни қанчалик барқарор ишлатишингиз, етказиб берувчи қанчалик тез-тез кечикиши ва омборда сақлаш қанчага тушишини ҳисобга олиш керак.

Баъзан захира сақлаш ишлаб чиқариш тўхтаб қолишидан арзонроққа тушади.

Текширилган захира босмахонангиз бўлсин

Муҳим қадоқ турлари учун иккинчи босмахона яхши суғурта вазифасини бажариши мумкин.

Лекин телефонда яна битта босмахонанинг рақами борлиги ҳали етарли эмас.

Унинг техник имкониятларини олдиндан текширинг, намуналарни келишиб олинг ва керакли сифатда айнан ўша қутини ишлаб чиқара олишига ишонч ҳосил қилинг.

6. Қайси бири муҳимроқ: қисқа муддатми ёки ишончли муддат?

Иккита босмахонани тасаввур қилайлик.

Биринчиси қутиларни 14 кунда тайёрлаб беришни ваъда қилади, лекин тайёр бўлиш санасини тез-тез суриб туради.

Иккинчиси бошидан 21 кун дейди ва одатда шу муддатда буюртмани тайёрлаб беради.

Қайсини танлайсиз?

Агар қутилар жуда шошилинч керак бўлса, биринчи вариант жозибалироқ кўриниши мумкин.

Лекин доимий маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона учун олдиндан аниқ бўлган етказиб бериш муддатлари кўпинча фойдалироқ.

Чунки ишлаб чиқариш режасини 21 кунни ҳисобга олиб тузиш мумкин.

14 кун деб келишиб, кейин 18 кун, ундан кейин 20 кунга сурилиши эса режаларни бузади.

Шу билан бирга, иккинчи босмахонани автоматик равишда яхшироқ деб ҳисоблаш ҳам тўғри эмас.

Унинг амалдаги натижалари, сифати, нархи ва керакли ҳажмни бажара олиши ҳам муҳим.

Фақат ваъда қилинган муддатни эмас, босмахона шу муддатга қанчалик мунтазам амал қилишини ҳам солиштириш керак.

7. Босмахона буюртмангизни аллақачон кечиктираётган бўлса, нима қилиш керак?

Келишилган муддат ўтиб кетди, қутилар эса ҳали тайёр эмас.

Бундай пайтда «Қачон бўлади энди?» деб сўрашнинг ўзи кўп нарсани ҳал қилмайди.

Яхшиси, буюртма ҳозир айнан қайси босқичда эканини билиб олинг.

Менежердан сўранг:

  1. Қайси операциялар бажарилган, қайсилари қолган?
  2. Буюртма нима сабабдан кечикди?
  3. Қолган ишлар қачон тугаши режалаштирилган?
  4. Тайёр бўлган қисмини олдинроқ жўнатиш мумкинми?

Охирги вариант кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди.

Хулоса қилиб айтганда

Буюртманинг кечикиши ҳар доим ҳам босмахона секин босади дегани эмас.

Картон йўқлиги, макетдаги хатолар, штамплаб қирқиш навбати, брак ёки нотўғри тузилган ишлаб чиқариш графиги сабаб ҳам буюртма кечикиши мумкин.

Шунинг учун қути етказиб берувчисини танлаганда фақат нарх ва ваъда қилинган кунларга қараманг.

Материаллар бор-йўқлигини текширинг, макет тайёрлигига эътибор беринг, аниқ санани келишиб олинг ва такрорий буюртмаларни олдиндан режалаштиринг.

Айниқса, қутилар сизга доимий керак бўлса ва уларнинг йўқлиги маҳсулот ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйиши мумкин бўлса.

Яхши босмахона – энг қисқа муддатни ваъда қиладигани эмас, балки келишилган мажбуриятларни мунтазам бажарадиганидир.